ҳамкорлик Меморандумини расмий имзолаш маросими бўлиб ўтди

2024 йил 19 февралда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ЎзР ВМ Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда Ички ишлар вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандумини расмий имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, т.ф.д., профессор Бахтиёр Ҳасанов Янги Ўзбекистонда совет даври қатағон сиёсатининг ноҳақ қурбонлари бўлган ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, жадидларнинг меросини чуқур ўрганиш ва оммага етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маъруза қилди. Ўзаро ҳамкорликнинг мақсад ҳамда вазифалари ҳақида маълумот берди.

Хусусан, мазкур Мерорандумдан биринчи мақсад жадид тараққийпарвар боболаримизнинг орзусидаги ҳурриятга эришган мамлакатнинг ички ишлар тизими қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги назарий қарашларини манбалар орқали тадқиқ этиш, минг йиллик тарихий давлатчилигимиз тажрибалари ва қадриятларини акс эттирган фикрларни таҳлил қилиб бугунги Янги Ўзбекистонда ички ишлар тизимига тадбиқ этиш орқали тарихий илдизларни тиклаш орқали ҳаққоний тарих сари яна бир қадам босиш эканлигини қайд қилди.

“Қолаверса, ички ишлар тизимида фаолият олиб борган ва совет қатағон сиёсати қурбони бўлган юзлаб инсонларнинг тарихини ўрганиш, уларнинг халқ осойишталиги ва давлат тинчлиги йўлидаги фидокорона фаолиятини тадқиқ этиш лозим. Албатта, уларнинг қатағонга тортилиши оқибатида нафақат ўзлари, оила аъзолари азият чекканлар. Балки, бутун бир давр ҳақиқати мардонавор кураш онлари тарих қатларида қолиб кетди. Бугун мана шу буюк тарихий ҳақиқатни очиш йўлида илк қадам ташланмоқда. Ишонаманки, яқин ойларда илмий жамоамиз томонидан махфий архивлар, кутубхоналар, маҳаллий матбуот саҳифалари орқали кўплаб ҳужжатлар, материаллар, суратлар топилади ва Ички ишлар тизими тарихига оид янги янги маълумотлар илмий муомалага киритилади. Бу эса бугунги Янги Ўзбекистон давлатининг таянчи, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталиги посбонлари бўлган соҳа ходимларини ғоявий-мафкуравий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Бу шарафли хизматнинг асл моҳиятини янада чуқур ҳис этишларига хизмат қилади.”, - дея таъкидлади ўз маърузасида Б.Ҳасанов.

Ю.Ашуров, М.Зикруллаев, Б.Ирзаев, М.Алижоновлар Музей вакиллари сифатида иштирок этдилар. Тадбир видеоселектр форматида ўтказилди.